Home / Tadbirlar / Янги китоб тақдимоти

Янги китоб тақдимоти

УНИВЕРСИТЕТДА “БУЮК ТЕРМИЗИЙЛАР” ТАЗКИРАСИ ТАҚДИМОТИ

Термиз давлат университетида таниқли шоир, таржимон, журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Унда университетнинг етакчи профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари иштирок этишди. Учрашув муаллифнинг “Буюк Термизийлар” деб номланган янги тазкираси тақдимотига бағишланди.

Тадбир аввалида Термиз давлат университети ректори Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабекнинг ижодий ва илмий фаолияти, унинг Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги катта ҳисса ҳақида сўз юритди.2 4Таъкидланганидек, Мирзо Кенжабек 1956 йилда вилоятимизнинг Сариосиё (ҳозирги Узун) туманида туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон миллий университетида ҳамда Имом Бухорий номидаги Ислом институтида таълим олган. 1982 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг “Мактубларим”, “Қуёшга қараган уй”, “Муножот”, “Шарқ тили”, “Баҳорим еллари” шеърий китоблари, “Термиз тазкираси”, “Дунёнинг муршиди” (2004), “Эътикоф”, “Қабристон зиёрати одоби” номли маърифий асарлари чоп этилган.

Моҳир таржимон А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини, Фаридиддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” китобини, Махтумқули Сайланмасини, Жеймс Олдрижнинг “Ғаройиб мўғул оти” қиссасини Сирожиддин Усмон Ўшийнинг “Омолий” манзумасини, шунингдек, Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Юнус Эмро, И.В.Гёте, Николас Гильен, Геворг Эмин, Ўлжас Сулаймон, Зайниддин Восифий шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Яқинда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриётида унинг қадим Термиз ва Чағониён ҳудудида яшаб ижод этган улуғ зотлар ҳақида қимматли маълумотлар жамланган “Буюк Термизийлар” тазкираси чоп этилиб, китобхонларга тақдим этилди.

Термиз давлат университетида ўтказилган ижодий учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг “ислом динининг, Қуръони Карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимизда етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш” тўғрисидаги 2-бандидан келиб чиққан ҳолда ёзилган мазкур асар хусусида гапирар экан, Мирзо Кенжабек ушбу тазкирадан ўрин олган 90 нафардан ортиқ азиз-авлиё, уламо ва фузало, шоир ва адиблар ибрати ва улар қолдирган улкан маънавий-маърифий мерос ҳақида сўз юритди.7Дарҳақиқат, китоб – инсон ақл-идроки ва ижодкорлигининг буюк кашфиётларидан бири, таъбир жоиз бўлса, дунёнинг саккизинчи мўъжизасидир. Уни ўқиган одам эзгуликка ошно тутинади, ўз билими, дунёқараши, руҳияти ва маънавиятини бойитиб, оламни теран англай бошлайди. Ҳаёт ва гўзалликни қадрлашни, аждодларимиздан қолган меросни асраб-авайлашни ўрганади. Ижодий учрашувда халқимиз азал-азалдан китобхон халқлиги, китобни нондек азиз ва мўътабар деб билиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эса мамлакатимизда китобга бўлган эътиборни янада ошишига хизмат қилаётгани ва бу халқимиз маънавий бойлигига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътиборнинг намунаси эканлиги эътироф этилди.12Хусусан, унда сўзга чиққан профессор-ўқитувчилар ёш авлоднинг юксак инсоний фазилатларга эга бўлиб улғайишларида ўтмиш билан бугунни, бугун билан келажакни боғловчи кўприк вазифасини ўтовчи, улуғ аждодларимиз ҳақидаги қимматли билимлар хазинаси бўлган  “Буюк Термизийлар” тазкирасининг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидладилар.9 1115Ижодий учрашув самимий руҳда ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Якунда воҳадошимиз – таниқли шоир, таржимон, журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек университетнинг Ахборот ресурс марказига “Буюк Термизийлар” тазкирасини тақдим этди. Ўз навбатида адибга олийгоҳнинг эсдалик совғалари топширилди.

Заҳириддин Тўраев

Бунёд Ёқубов